четверг, 11 августа 2016 г.

Бахтсизлик

Агар умримни янгитдан яшаш насиб бўлганда эди, кўп хатоларни такрорламасликка ҳҳаракат қилардим. Унча рисоладагидек бўлмасдим. Ўзимни эркинроқ қўярдим. Эгилувчан бўлардим. Аввал яшаган ҳаётимга нисбатан ўзимни аҳмоқроқ тутардим. Аслида энди менга жиддий муносабатда бўлишим зарур бўлган жуда кам нарсалар маълумдир. Озроқ беақл бўлардим. Камроқ даражада ҳушёр фикрловчи бўлардим.
     Кўпроқ имкониятлардан фойдаланардим. Кўпроқ саёҳатда юрардим, тоғларга тирмашиб чиқардим, кўпроқ дарёлардан сузиб ўтардим ва бориш насиб этмаган кўп жойларга бориб келардим. Кўпроқ музқаймоқ ва камроқ гўшт ердим.
     Аниқ Муаммоларим кўп, лекин ҳаёлийлари камроқ бўларди.
    Биласизми соатма-соат, кунма-кун эҳтиёткорлик, ақллилик ва соғлом фикрлаш тушунчалари билан яшаётганлардан бири бўлардим. О, Худойим, қанча лаҳзаларим бор эди-я, агар буларнинг барчасини такрорлашнинг иложи бўлганда эди, улар лаҳзама-лаҳза анча кўп бўлар эди.
    Мен кўчага ҳеч қачон плашсиз, градусниксиз, иссиқ сувли идишсиз, томоқни чайиш учун пиёласиз ва шамсиясиз чиқмайдиганлардан бири эдим. Лекин агар буларни яна такрорлай олганимда эди, мен осонликча саёҳат қилардим.
    Агар буларни яна такрорлай олганимда эди, эрта баҳордан кеч кузгача ялангоёқ юрардим. Арғимчоқларда кўпроқ учардим, тонгларни кўпроқ кутиб қилардим, болалар билан кўпроқ ўйнардим. Қанийди, умримни янгитдан бошлай олганимда эди! Энг ачинарлиси шундаки, бундай қилолмайман...

среда, 11 мая 2016 г.

Вампирлар орамизда яшайди...

Вампирлар ҳақида жуда кўп фильмлар ишланган, китоблар ёзилган. Лекин улар ҳаётда мавжудми ёки йўқми? Мавжуд бўлса улар қаерда, қандай яшайди? Вампирлар бор бўлса, улар қандай махлуқ ва қандай ҳаёт кечиришади? Улар ҳар қандай жойда бўлиши мумкинлигини ва ҳатто улар бизниинг орамизда ҳам яшаб юрган бўлиши мумкинлигини биласизми?

Кинофильмларда вампирлар қон сўрувчи махлуқлар сифатида намоён бўлади. Режиссёрлар уларнинг айнан шу жиҳатларини кўрсатиш учун фильм олишади. Вампирларнинг айнан шу одати ҳозирги кунда ҳам ҳар биримизнинг орамизда вампир борлигини исботлайди. Ҳа. Вампирлар ҳар биримизнинг орамизда - қўшнимиз, қариндошимиз ва ҳаттоки биз билан бир том остида бўлиши мумкин, десам ишонасизми? Энг қизиғи шундаки, ўша вампирлар орасида ўзингиз ҳам аста-секин вампирга айланиб бораётганингизни билмай қоласиз.

 "Мен ҳаётимда ҳеч кимнинг жаҳлини чиқармаганман, менинг ҳам жаҳлимни ҳеч ким чиқармаган", дейдиган одам кам бўлса керак.
Ҳаммамиз ўз иш жойимизда, талаба бўлсак, ўқиш жойимизда ёки бўлмаса кўча-кўйда муомала қилишга тўғри келадиган қон сўрувчи вампирлар билан муносабатда бўлишга мажбурмиз. Улар бизга ўз шахсий муаммоларини бартараф этолмай юрган бир пайтда дуч келишади ёки биз уларга шу вазиятида рўпара келамиз. Оқибатда улар бизнинг қонимизни шундай ичишадики, зум ўтмай ўзимиз ҳам вампирга айланиб қоламиз. Ахир ичилган қонни ўрнини тўлдириш керак-ку! Кайфиятимиз расво бўлиб, асабий ва тажанг бўлиб юрамиз. Увол кетган қонимиз ўрнини тўлдиришга - қон сўришга эҳтиёж сезамиз! Ўзимиздан лавозими паст бўлган ходимни хонамизга чақириб олиб, қонини ичамиз. Кўча-кўйда учраган такси ҳайдовчиси, сотувчи ва хоказоларнинг ҳам йўл бўйи қонини ичиб келсак-да қонга тўймаймиз! Уйга келиб рафиқамиз ёки бошқа яқин инсонларимиз қонини ичамиз. Воқеалар занжири шундай давом этаверади. Агар қайсидир кучли шахс, руҳияти юксак инсон чек қўймаса, бу қон сўришлар узоқ давом этиши мумкин.
Ҳамма гап инсоннинг вазиятга муносабатида. Агар сиз кучли руҳият эгаси бўлсангиз, қайсидир вампир сизга ҳамла қилиши билан бир-икки зарба (бир-икки оғиз сўз) билан тинчлантириб қўйишингиз мумкин. Ҳеч бўлмаса бу дағал кайфиятни бошқаларга юқтирмаслик йўлларини қидирасиз. Ана шунда сиз биз яшаб турган ҳаётда, атрофимизда озгина бўлса-да вампирлар камайишига ҳисса қўшган бўласиз...

вторник, 29 марта 2016 г.

Дадамга айтиб қўйманг...

Улар жуда бахтли оила эди. Ота, она ва уч ёшли ширингина қизалоқдан иборат бу оила жуда бахтли ҳаёт кечирар эди. Лекин тақдир ҳукми бу бахтни уларга кўп кўрди – узоқ давом этган касаллик сабабли она уч ёшли қизи ҳамда севимли ёрини ташлаб бу дунёни тарк этди. Турмуш ўртоғининг ўлимидан чуқур қайғуга ботган ота қизалоғига онасининг ўлимини қандай тушунтиришни билмасди. Буни устига гўдак ҳар куни отасидан "ойим қаерга кетдилар, қачон келадилар", деб сўрайверарди.
– Ойинг ишга кетди, қизим. Ишхонасидан узоқ муддатли сафарга чақиришган, Худо хоҳласа тез орада кириб келади, - дея қизини овутиб қўярди. Қизалоқ бу саволни тез-тез берар ва деярли бир хил жавоб эшитарди.
Шундай қилиб қизи олти ёшга чиққан йили ота бир меҳрибон, оқкўнгил аёл билан танишади ва улар турмуш қуришга аҳд қилишади. Бир куни отаси қизини ёнига чақириб, аста гап бошлайди:
– Қизим, ойинг қайтиб келадиган бўлди. Сен унинг қиёфасини унутиб қўйганинг йўқми?
Қизалоқ бироз ўйланиб туриб, "йўқ"  маъносида бош  қимирлатади. Ҳудди шу лаҳзада эшик очилиб, остонада ҳалиги аёл пайдо бўлади. Қучоғини кенг очиб, қизнинг исмини айтиб чақиради:
– Қизалоғим, мен сени ойингман, танияпсанми?
Қизалоқ отасига ҳайрон бўлиб тикилади.
- Қизим, ойингни танимаяпсанми? Ахир у сенинг онанг! Айтгандим-ку, ишга кетган, бир кун қайтиб келади, деб. Ана қайтиб келди. Энди тез бориб, "ойи" деб қучоқлаб қўйгин-чи, бўлақол тез! - деб ота қизини кўзларига тикилди.
Қизи индамай аёлнинг қучоғига бориб, "ойи" деб қўйди. Кўнгли тўлган ота қизини ёнига бориб, пешонасидан аста ўпди ва "Ҳозир келаман, сен  ойинг билан гаплашиб ўтир қизим", дея ташқарига йўл олди. Отаси чиқиб кетгач қиз бирдан йиғлаб юборди ва кўзда ёш билан:
- Сиз менинг ойим эмассиз! - деди тўсатдан. - Менинг ойим ўлган!
Тонг қолган аёл ҳайратдан не деярини билмай турарди.
- Буни мен бобом ва бувимларникига борганимда уларнинг суҳбатларидан билиб қолганман. Буни фақат мен, бобом ва бувим биламиз  холос. Дадам бундан бехабар. У ҳалигача ойимни ишга кетган деб ўйлайди. Бу гапни дадам билмасин, у билса сўзсиз азобланиб йиғлайди. Сизни доим ойи деб чақираман. Фақат бу гапларни дадамга айтиб қўйманг. Дадам билса, чидолмай йиғлайди. -дея қизалоқ йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тутиб турган "янги ойиси"га ёлворарди.
Бу пайт эса эшик ортида турган отанинг кўз ёшлари кўл  бўлган эди...


P.S  Бу ҳикоянинг муаллифи номаълум. Уни қозоқ сайтларидан бирида ўқиб қолиб таржимасига уриниб кўрдим.

Илк ташриф

 Салом! Мен келдим. Азбаройи ёзгим, ёзгим, ёзворгиларим келганидан шу ердаман... Бироқ ҳозирча бироз тушунмай турибман. Келажакда фойдали ва керакли блогпостлар ёзишга ҳаракат қиламан. Табиатимдаги юморга бўлган мойилликни ҳисобга олсам, мақолалар бироз ҳазил аралаш ёзилиши ҳам мумкин.

Эътибор ва вақт ажратиб ташриф буюрганингиз учун раҳмат. Яхшироқ тушуниб олсам ўзим ҳақимда ҳам тўлиқроқ маълумот беришни ҳам кўнглимга тугдим. Ҳозирча хайр! Омон бўлинг!